ДОРИВОР ЎСИМЛИКЛАРНИНГ БИОЛОГИК ФАОЛ МОДДАЛАРИ

Ҳозирги кунда илмий ва халқ табобатида қўлланилаётган кўплаб турдаги доривор ўсимликларнинг ҳайвонлар ва одамлар томонидан қабул қилинганда физиологик фаол хусусиятни намоён этиб, бу терапевтик таъсир ўсимликларда шифобахш таъсир кўрсатадиган турли биологик фаол моддалар мавжудлиги билан боғлиқ. Шифобахш таъсир кўрсатувчи моддалар биологик фаол моддалар деб аталади. Улар ҳар хил таркибга эга ва кимёвий бирикмаларнинг турли синфларига тегишли. Асосий фаол моддаларга алкалоидлар, гликозидлар, кумаринлар, эфир мойлари, қатронлар, танинлар, витаминлар ва бошқалар киради.

Алкалоидлар. Ушбу синф вакиллари ўсимликлар томонидан ишлаб чиқарилади ва таркибида азот сақловчи мураккаб бирикмалардир. Турли ўсимлик турларида алкалоидлар ҳар хил миқдорда тўпланади. Айниқса итузумдошлар ва кўкнордошлар оилаларининг ўсимликлари алкалоидларга бой. Ушбу ўсимликлардаги алкалоидларнинг миқдори мавсумга, ўсиш жойига, ўсимликнинг ёшига ва ривожланиш босқичига қараб ўзгариши мумкин. Кўпгина алкалоидлар қимматли дорилар бўлиб, улар асаб, ички орган касалликлари ва бошқа касалликларни даволаш учун ишлатилади. Буларга мисол қилиб стрихнин, морфин, папаверин, кодеин, эфедрин, хинин, кофеин ва бошқалар келтириш мумкин. Тиббиётда дори препаратлари шаклида одатда юқорида келтирилган алкалоидларнинг тузлари қўлланилади. Ўсимликлардаги алкалоидларнинг миқдори анча паст бўлиб, айрим ҳолларда 2-8% гача бўлиши мумкин.

Гликозидлар. Бу бирикмалар таркибида азот сақламайдиган моддаларнинг катта гуруҳини ўз ичига олади ва уларнинг молекуласи қанд қолдиғи ва агликондан иборат. Гликозидларнинг таъсири асосан уларнинг агликон қисми билан боғлиқ. Алкалоидлардан фарқли ўлароқ, ўсимликларни сақлаш вақтида ўсимлик таркибидаги гликозидлар ўсимликларнинг ферментлари томонидан, шунингдек, турли физик омиллар таъсирида тезда парчаланиб кетади. Ферментлар гликозидларни жуда осон парчалайди, айниқса янги узилган ўсимликларда гликозидлар осон парчаланади ва ўз хусусиятларини йўқотади. Таркибида гликозидлар сақловчи ўсимликларни йиғишда ушбу ҳолатни ҳисобга олиш керак, яъни хом ашёни сақлашда ўсимлик нам бўлмаслиги керак, чунки ферментлар қуруқ шароитда ўз таъсирини кўрсата олмайди. Одатда гликозидларнинг қуйидаги гуруҳлари ажратилади: юрак гликозидлари, антрагликозидлар, сапонинлар, аччиқ моддалар, флавоноид гликозидлари ва бошқалар. Тиббиёт амалиёти учун энг муҳими юрак гликозидлари (карденолидлар)дир. Ҳозиргача мавжуд юракни даволашда қўлланиладиган барча препаратлар ичида ўсимликлардан олинган препаратлар ярмидан кўпини ташкил қилади. Ҳужайраларида юрак гликозидларини ҳосил қилувчи ўсимликларга мисол тариқасида ангишвонагул, марваридгул, бойчечак ва бошқаларни келтириш мумкин. Бу ўсимликлар гуруҳи юрак касалликларини даволаш учун катта аҳамиятга эга. Юрак гликозидларини сақловчи ўсимликлар жуда заҳарли ҳисобланади. Юрак гликозидлари жуда беқарор, шунинг учун бу моддаларни ўз ичига олган ўсимликларни йиғиш ва қуритиш жуда эҳтиёткорлик билан амалга оширилиши керак. Антрагликозидлар деб аталадиган ич сурувчи таъсирга эга бўлган гликозидлар тоғжумрут, равоч, саъно, сабур ва бошқа баъзи ўсимликларда мавжуд ва амалиётда кенг қўлланилади. Юрак гликозидларидан фарқли ўлароқ, улар кам заҳарли, сақлаш вақтида барқарор, уларнинг кўпчилигини ранги қизил-тўқ сариқ бўлади.

Баъзи ўсимликларнинг гликозидлари аччиқ таъмга эга бўлади. Буларга мисол тариқасида эрмон, ғазақут, момақаймоқ ва бошқаларни олиш мумкин. Улар тиббиётда «аччиқ» лиги учун қўлланилади, яъни бу моддалар беморларда иштаҳани қўзғатади; ошқозон перистальтикасини оширади, меъда шираси ажралишини кучайтиради, ва овқатнинг тезроқ ҳазм бўлишига ёрдам беради.

Сапонинлар. Бу гуруҳ моддалари ҳам гликозидлар қаторига киради. Сапонинлар 70 дан ортиқ ўсимлик оилалари вакилларида топилган, улар айниқса чиннигулдошлар ва наврўзгулдошлар турларида кўп учрайди. Сапонин сақловчи ўсимликлар тиббий амалиётда турли мақсадларда қўлланилади: балғам кўчирувчи сифатида (қизилмия илдизлари, андиз), сийдик ҳайдовчи сифатида (буқрак ўти), ўт ҳайдовчи сифатида ва х. Қон босимини пасайтириш, терлатувчи хусусиятга эга, қусишни қўзғатиш қобилиятига эга сапонинлар мавжуд.

Сўнгги пайтларда флавоноид гликозидлар гуруҳига катта аҳамият берилмоқда. Улар фенол бирикмалари қаторига киради. Баъзи флавоноид гликозидлари Р-витамин таъсирига эга, бактерицид, ўтни ҳайдаш хусусиятига эга ва радиоактив моддаларни оргаизмдан чиқаришда ёрдам беради.

Кумаринлар ва фурокумаринларБу моддалар ўсимликларда агликон ёки қанд қолдиқлари тутган гликозидлар шаклида ҳолда учрайди. Кўпчилиги сувда эримайди, ёруғликка сезгир. Кўпинча кумаринлар соябонгулдошлар, дуккадошлар оиласи ўсимликларида, асосан уларнинг илдиз ва меваларида учрайди. Бугунги кунга қадар 150 дан ортиқ кумарин ҳосилалари ажратилган ва ўрганилган. Ушбу гуруҳдан тиббиёт учун энг муҳими фурокумаринлардир. Уларнинг кўпчилиги турли хил фармакологик, масалан, томирларни кенгайтирувчи, спазмолитик ва саратонга қарши хусусиятларга эга.

Эфир мойлари. Улар сувда эримайдиган, кўп турдаги ўсимликларда (ялпиз, валерианка, тимян, шувоқ, арпабодиён, мармарак ва бошқалар) учровчи кучли ҳидга эга, учувчан, ёғли суюқликлардир. Дунёда 2500 га яқин эфир мой сақловчи ўсимликлар маълум бўлиб, улардан 650 га яқини Ўзбекистон ҳудудида ўсади. Эфир мойлари ўсимликнинг турли қисмларида – гулларида, баргларида, меваларида, баъзан эса ер ости қисмларида учрайди. Уларнинг ўсимликлардаги миқдори 20% гача (одатда 2-3%) бўлиши мумкин. Тиббиётда эфир мойларини ҳар хил мақсадларда қўлланилади. Оғриқ қолдириш, асаб тизимини тинчлантириш ва рағбатлантириш хусусиятларга эга (шувоқ мойи), юрак фаолиятига таъсир қилувчи (камфора), йўтал юмшатувчи; бактерицид; антисептик; гижжаларга қарши, ошқозон фаолиятини яхшиловчи мойлар мавжуд. Лаванда, ялпиз, кориандер ва бошқа эфир мойлари дориларнинг таъми ва ҳидини яхшилаш учун ишлатилади. Эфир мойлари парфюмерия, ликёр ва ароқ, озиқ-овқат саноатида қўлланилади. Ҳаводаги кислород ва намлик таъсирида эфир мойларининг таркиби ўзгаради, яъни эфир мойларининг айрим компонентлари оксидланади, ёғлар смолалашади ва ҳидини йўқотади. Ёруғлик эфир мойларининг ранги ўзгаришига олиб келади ва уларнинг кимёвий таркиби ўзгаради. Шунинг учун таркибида эфир мойлари бўлган ўсимлик хом ашёларини тўплашда ўсимликларни йиғиш, қуритиш, қайта ишлаш, сақлаш ва тайёрлаш қоидаларига қатъий риоя қилиш керак.

Қатронлар. Кимёвий тузилиш жиҳатидан улар эфир мойларига яқин, кўпинча ўсимликларда улар билан бирга учрайди. Баъзи ўсимликларнинг қатронлари доривор хусусиятларга эга. Тиббий амалиётда улар пластерлар, дамламалар тайёрлаш учун ишлатилади ва ич сурувчи восита сифатида тавсия этилади. Қарағай қатрони ярани даволовчи «клеол» пластири таркибига киради.

Таннинлар ёки танинлар. Бу бирикмалар терини бўяш ва ошлаш, эластик ва сув ўтказмайдиган қилиш хусусиятига кўра номланган. Одатда, бунинг учун эман пўстлоғи ишлатилган. Таннинлар деярли барча ўсимликларда турли миқдорларда учрайди ва кўп атомли феноллардан олинган аморф, азот сақламайдиган бирикмалардир. Таннинлар ўсимликнинг турли органларида, асосан, дарахт ва буталарнинг пўстлоғи ва ёғочларида, шунингдек, кўп йиллик ўсимликларнинг ер остки қисмларида тўпланади. Таннинлар заҳарли эмас, улар ўзига хос буриштирувчи таъмга эга. Таркибида кўп миқдорда таннинлар сақловчи баъзи ўсимликлар ошқозон-ичак касалликларида, томоқ чайишда, турли хил яллиғланиш касалликларида ва ҳамда буриштирувчи ва бактерияларни ўлдирадиган восита сифатида ишлатилади. Таннинларнинг буриштирувчи ва яллиғланишга қарши таъсири шиллиқ қаватларда оқсил моддаларидан иборат бўлган плёнка ҳосил бўлишига асосланади, бу эса кейинги яллиғланишни олдини олади. Куйган жойлар ва яраларга қўйилган таннинлар оқсилларни коагуляция қилади ва шунинг учун маҳаллий гемостатик восита сифатида қўлланилади. Бундан ташқари, танинлар оғир металлар ва алкалоидлар билан заҳарланганда антидотлар сифатида ишлатилади. Таннинлар ҳаво билан таъсирлашуви натижасида махсус ферментлар таъсирида оксидланади ва сувда эримайдиган, тўқ жигарранг ёки қизил-жигарранг бўлган моддаларга айланади (буни кесилган олма, беҳи, картошка ва б.ларнинг ранги қизғиш тусга айланиши билан тушунтириш мумкин).

Витаминлар. Бу жуда оз миқдорда инсон танасининг нормал ривожланиши ва ҳаёти учун зарур бўлган моддалардир. Витаминлар моддалар алмашинуви жараёнида, асосий озиқ моддалари – оқсиллар, ёғлар, углеводларни ўзлаштирилишида ва улардан фойдаланиш жараёнларини тартибга солишда асосий рол ўйнайди. Витаминларнинг этишмаслиги моддалар алмашинувини бузади, иш қобилиятини пасайтиради, тез чарчашни келтириб чиқаради, асаб тизимининг ҳолатини ёмонлаштиради ва бошқа касалликларни келтириб чиқаради. Ҳозирги вақтда 30 га яқин табиий витаминлар маълум ва уларнинг кўпчилиги доривор ўсимликларда учрайди. Инсон танаси ташқаридан кирадиган 20 га яқин витаминга муҳтож, қолганлари ички органларда синтезланади. Маълум витаминлардан A, B2 (рибо- ва лактофлавин), В3, В4, В5, В6 (адермин, пиридоксин), В12 (цианокобаламин), C (аскорбин кислота), D, Е, F, К, Р (рутин), РР (никотин кислота), U, инозит, холин, биотин ва бошқаларнинг физик кимёвий ва физиологик аҳамиятлари батафсил келтирилган. Инсоннинг витаминларга бўлган эҳтиёжи унинг ҳаёт ва меҳнат шароитларига, организмнинг ҳолатига, мавсумга боғлиқ.

Ўсимликларнинг доривор хусусиятларига юқорида келтирилган биофаол моддалардан ташқари бошқа гуруҳ моддалари: органик кислоталар, шилимшиқ, сақичлар, ёғли кислоталари, пигментлар, ферментлар, минерал тузлар, микроэлементлари ва б.лар. нинг ҳам мавжудлиги сабаб бўлиши мумкин. Кўп ҳолларда ўсимликларнинг доривор таъсири айнан бир модда билан эмас, балки ўсимлик таркибидаги бошқа моддаларнинг бутун табиий мажмуаси бўлиши билан боғлиқ. Бундай ҳолда, ажратиб олинган соф модда ўсимликнинг ўзидан (масалан, валериан, дўлана ва б.лар) ёки ундан олинган экстрактдан фойдаланилгандагига солиштирилганда юқори терапевтик таъсирни бермайди.