Лойиҳа ҳақида

Замонавий фармациянинг долзарб муаммолари хом ашё базасини ўрганиш, ёввойи ҳолда ўсадиган ўсимликларнинг кимёвий таркибини аниқлаш ва улар асосида янги фитопрепаратлар яратишдир. Замонавий тиббиётда табиий биологик фаол бирикмаларнинг янги манбаларини излашга катта эътибор берилмоқда. Шу муносабат билан халқ табобати ва илмий табобатнинг ўзаро ҳамкорлигини йўлга қўйиш, маҳаллий фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳолатини яхшилашга қаратилган қатор муҳим ҳукумат қарорлари қабул қилинди. Биологик фаол моддаларнинг истиқболли ўсимлик манбаларини излаш, табиий ўсимлик хомашёсидан оқилона фойдаланиш ва доривор ўсимликлар асосида ўзимизда маҳаллий дори воситаларини яратиш зарурати айниқса долзарб масалага айланиб бормоқда. Флорамиздаги ёввойи ўсимликларнинг кўпгина турлари ҳалигача (ресурсшунослик, структуравий, фармакологик ва б.) томонлама тўлиқ ўрганилмаган ва бундай тадқиқот ишларини олиб бориш илмий ва амалий қизиқиш уйғотади. Айниқса ўсимликларнинг кимёвий таркиби ҳалигача ўрганилмаган ёки айрим ўсимлик турларигина ўрганилган бўлиб, бу нарсалар ўсимлик дори воситаларининг арсеналини тўлдиришга имкон бермайди. Шунингдек доривор ўсимликлар асосида олинган препаратлар уларнинг синтетик аналогларига нисбатан организм учун хавфсизроқ, кам заҳарли ва самаралироқ ишлайди.

Охирги йилларда ўсимлик дори воситаларининг оммабоплиги сезиларли даражада ошди, бу эса Ўзбекистонда етиштириладиган ёввойи доривор, озиқ-овқат ва айрим саноат ўсимликлари хомашёсига талабнинг сезиларли даражада ошишига олиб келди. Маҳаллий фармацевтика саноатини янада ривожлантириш, ишлаб чиқарилаётган дори воситалари ассортиментини кенгайтириш, ёввойи ўсимликларни тизимли етиштириш ва йиғиш, уларни харид қилиш ва қайта ишлашни ташкил этиш, ўсимликларни кўпайтириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш; шунингдек хомашё шаклида қизилмия экспортидан манфаатдор тадбиркорлик субъектларининг ташқи иқтисодий фаолиятини янада эркинлаштириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўсимлик дунёси объектларидан фойдаланишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори (2015-йил 30-сентабрдаги 278-сон), Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020-йил 10-апрелдаги ПҚ-4668-сон “Ўзбекистон Республикасида халқ табобатини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ва 2020-йил 10-апрелдаги ПҚ-4670-сонли “Ёввойи доривор ўсимликларни муҳофаза қилиш, маданийлаштириш, қайта ишлаш ва мавжуд ресурслардан оқилона фойдаланиш” тўғрисидаги қарорлари ишлаб чиқилди ва тасдиқланди.