ДОРИВОР ЎСИМЛИКЛАРНИ ҚУРИТИШ ВА САҚЛАШ

Доривор ўсимлик хом ашёлари ўсимликнинг турли қисмлари – куртаклари, барглари, гуллари ва тўпгуллари, мева ва уруғлари, илдизлари, илдизпоялари ва пиёзлари, пўстлоқлари бўлиши мумкин ва улар таркибида доривор (биологик фаол) моддалар сақлайди. Ўсимликдаги биологик фаол моддаларнинг миқдори ўсимлик организмида мавсумга боғлиқ тарзда турли босқичларида (баъзида кун давомида) ўзгаради, ва бу доривор хом ашёни йиғиш муддатини белгилайди. Ўсимлик қисмлари таркибида биологик фаол моддаларни энг кўп сақлаган пайтда йиғиб олинади.

Куртаклар. Тиббий амалиётда икки турдаги ўсимликларнинг қайин ва қарағайларнинг куртаклари ишлатилади. Қайин куртаклари чўзиқ-конуссимон, учли, яланғоч, тўқ жигарранг ёки жигарранг ҳолда бўлади. Улар кумуш қайиндан йиғилади. Йиғиш вақти: эрта баҳор (март ойи). Куртакларни очилиб гуллашидан олдин, яъни куртаклар шишган вақтида терилади. Куртаклари бўлган новдалар кесилади ва тўплам қилиб боғланади. Куртакли новдалар очиқ ҳавода ёки вентиляция қилинадиган жойда қуритилади. Қуритгандан сўнг, куртакларни майдаланади ва қолдиқлардан тозаланади. Қуруқ жойда сақлаш тавсия этилади.

Қарағай куртаклари 5-6 та ёш куртаклардан иборат бўлади ва марказда 1 та энг катта (4 см гача) бўлган куртаклар жойлашган. Ташқари томонидан улар пушти-жигарранг бўлиб, қатрон чиқарадиган бир-бирига ёпишган, эгилган ва спирал тарзда жойлаштирилган қипиқлардан иборат. Ҳиди хушбўй. Таъми аччиқ-смоласимон. Куртаклар оддий қарағайдан йиғиб олинади. Қарағай куртаклари эрта баҳорда, феврал-март ойларида тўпланиши керак, яъни куртаклар шишганда гуллашидан олдин, ўткир пичоқ билан поядан (3% дан кўп бўлмаган қисми) кесиб олинади. Уларни шамоллатиладиган жойда ёки очиқ ҳавода қуритилади. Хом ашёнинг намлиги 13% дан ошмаслиги тавсия этилади.

Қобиқ. Дарахтлар ва бута (эман, тол, итшумурт) ларнинг қобиғи (пўстлоғи)ни баҳорда, шира оқимининг кўпайиши даврида йиғиб олиниши керак. Бу вақтда қобиқ ёғочдан осонгина ажратилади. Кейинчалик, кеч баҳор ва ёзда, яъни ўсиш тўхтаганда, қобиқни ёғочдан ажратиш қийинлашади. Пўстлоқни олиш учун ёш, кесилган новдаларда бир-биридан 25-50 см масофада ўткир пичоқ билан думалоқ кесмалар қилинади, улар бир ёки иккита узунламасига кесмалар билан боғланади ва кейин қувурсимон шаклда пўстлоқ шилиб олинади. Агар пўстлоқ олинадиган бута лишайниклари билан қопланган бўлса, аввал уларни пичоқ билан яхшилаб тозалаш керак; акс ҳолда, хом ашё бузилиши мумкин.

Барглар. Айни пайтда доривор ўсимлик хомашёси сифатида 29 турдаги ўсимликларнинг барглари йиғиб олинади. Улар орасида зирк, қалампир ялпиз, туятовон, зубтурум, анжир, мускат мавраги, доривор мавракни олиш мумкин. Кўпгина доривор ўсимликларнинг барглари бутун вегетация даврида бир тупдаги ўсимликдан бир неча марта йиғиб олинади. Буларга алоэ, зубтурум ва бошқаларни мисол қилиб олиш мумкин. Шу билан бирга, баъзи ўсимликларнинг баргларини йиғиш мавсумда фақат бир марта, яъни ўсимлик таркибида фаол моддаларнинг энг катта тўпланиш вақтига қараб терилади. Масалан, марваридгул баргларининг йиғиш гуллашига қараб тахминан 25 кун давом этиши мумкин ва гуллашдан кейин барглардаги фаол моддаларнинг таркиби камаяди. Туятовон барглари эса фақат ёзнинг биринчи ярмида йиғиб олинади. Баъзи доривор ўсимликларнинг барглари йилига бир марта йиғилади. Мисол учун, пушти бўригулнинг барглари улардаги алкалоидларнинг энг кўп тўпланиш давридагина йиғилади. Бу давр сентябр ойининг биринчи ўн кунлигининг охирига, уруғларнинг пишиши бошлангунига қадар тўғри келади. Баргларнинг йиғиб олиш улар тўлиқ ва нормал ривожланганидан сўнг бошланади. Энг яхши ўрим-йиғим даври ўсимликнинг гуллаш даври ҳисобланади. Гуллашдан олдин баргларни йиғиш тавсия этилмайди, чунки бу вақтда хом ашё керакли моддаларга тўйинмаган бўлади ва шунингдек ўсимликларнинг заифлашишига ва камайиб кетишига олиб келади.

Гуллар ва тўпгуллар. Улар гуллашнинг бошида йиғиб олиниши керак. Бу даврда гуллар кўпроқ фаол моддаларни сақлайди, шунингдек сақлаш вақтида камроқ парчаланади, қуритишга яхши бардош беради ва рангини сақлайди. Гуллар қўлда йиғиб олинади, ва гул ўринлари олиб ташланади. Баъзида гулларни йиғиб олиш учун махсус гул йиғгичлар ишлатилади. Масалан, мойчечакни гулларини шундай усулда йиғиб олинади.

Мева ва уруғлар. Тиббиёт амалиётида ўсимликларнинг мевалари ва уруғлари кенг қўлланилади. Уларнинг кўпчилиги дори воситаларини тайёрлаш учун хом ашё сифатида, баъзилари эса доривор маҳсулотлар сифатида ишлатилади. Ҳозир тиббиётда 22 турдаги ўсимликнинг мева ва уруғларидан фойдаланилмоқда. Буларга дўлана, чаканда, псоралея, япон софораси, зира уруғи, арпабодиён, дўлана ва бошқалар мисол бўда олади. Пишган мевалар ва уруғлар доривор моддаларга энг бойдир. Шунинг учун улар тўлиқ пишгандан сўнг қўлда териб олинади ва тозаланади. Зира ва бошқа баъзи ўсимликларда мевалар соябон (саватча) ларда жойлашган бўлади ва улар шу ҳолида териб олинади ва қуритилгандан сўнг улар саватчалардан эҳтиёткорлик билан ажратилади. Дўлана меваларини мева косачалари билан бирга йиғиш тавсия этилади ва шу ҳолда қуритилади. Сўнгра мевани қўллар билан ишқаланади ва мева косача қолдиқларидан тозаланиб олинади. Айниқса, пишган резавор меваларни – смородина, малина, ежевикаларни йиғиш қийин. Уларни саватга солинади ва улар бир-бирини эзиб заҳаламаслиги учун ҳар бир қатлам новдалар билан ажратилади.

Илдиз, илдизпоялар, пиёзчалар. Улар одатда тиним даври бошланишида (ёзнинг охири-кузнинг бошланишида) ўсимликнинг ер усти қисмларини нобуд бўлиши бошланиши даврида йиғиб олинади. Уларни эрта баҳорда, ер усти органларининг ўсиши бошланишидан олдин йиғиб олиш ҳам мумкин, аммо бу пайтда йиғиш даври жуда қисқа (бир неча кун) бўлади. Илдиз ва илдизпоялар белкурак ёки кетмон билан қазиб олинади, баъзан тупроқ жуда эмшоқ бўлганда паншаха ва тирнагич билан чиқарса ҳам бўлади. Қазиб олинган илдизлар биринчи навбатда тупроқдан силкитиб тозаланади, кейин эса яқин атрофдаги сувда ювилади. Бунда ювишни яхшиси оқава сув остида катта тўқилган саватларда амалга ошириш керак. Ювилган илдиз ва илдизпоялар дарҳол тушалган тоза ўт ўлан, қоп ёки газеталар устига жойланади ва қуритилади. Қуритилгандан кейин улар поя қолдиқларидан, майда илдизлардан, шикастланган ёки чириган қисмлардан тозаланади ва охирги қуритиш жойига етказилади.

Гиёҳлар (ўтлар). Ҳозирги вақтда тиббий амалиётда кўплаб доривор ўсимликлар қўлланилади, масалан сув қалампири, қушторон, тоғрайхон, далачой, зуптурум, қирқбўғим,  эрмон, арслонқулоқ, афсонак, буймодорон, иттиканак. Гиёҳлар ўсимликларининг гуллайдиган баргли куртаклари, баъзан уларнинг бутун эр усти қисмидир. Улар кимё ва фармацевтика корхоналарида қайта ишлаш учун хом ашё сифатида кенг қўлланилади, шунингдек, тегишли тавсиялар асосида уй шароитида ҳам ишлатиладиган тиббий воситалар ҳисобланади. Гиёҳлар одатда гуллаш даврининг бошида, баъзи турлардан эса тўлиқ гуллаш даврида йиғиб олинади. Гиёҳларни ўроқлар, пичоқлар ёки майдалагичлар билан ер остки қисмларисиз кесиб олинади. Баъзан гиёҳлар зич ёки тўп ҳолда турганда, ўроқ ёрдамида ўриб олинади ва кейин ўрилган тўпдан ажратиб олинади.

Ўсимликнинг ер устки қисмлари фақат қуруқ об-ҳаво шароитида йиғиб олинади. Агар эрталаб шудринг бўлса ёки ёмғир ёғган бўлса, ўрим-йиғим фақат ўсимликлар тўлиқ қуриганидан кейин бошланади. Кечқурун, шудринг пайдо бўлиши билан йиғим ҳам тўхтатилади. Доривор хом ашёни йиғишнинг энг яхши вақти эрталабки соат 8-9 дан кечки соат 16-17 гача. Ўсимликнинг ер остки қисмлари шудринг ёки ёмғир пайтида ҳам йиғиб олинса бўлади. Чангга ботган, ифлосланган ўсимликларни, масалан, транспорт воситалари ҳар доим гавжум автомобил йўллари яқинидан йиғмаслик керак. Шунингдек касалланган ёки зараркунандалар томонидан зарарланган ўсимликларнинг қисмларини ҳам йиғиб олмаслик керак. Хом ашёни дарҳол идишларга йиғиш керак. Доривор хом ашёни, айниқса, гуллар, тожбарглар, барглар, резавор меваларни йиғиш учун энг яхши идиш саватдир. Қуритилган мевалар, уруғлар, ўсимлик ер устки қисмларини қопларга, челакларга ва ҳоказоларга солиб қўйиш мумкин. Қуритилган хом ашёни керакли жойга етказиб берилгандан сўнг брезент, мато ёки тоза жойга ёйилади ва текширилади. Хом ашё бошқа хил ўсимликлардан ёки органлардан, ўлик ва шикастланган қисмлардан, тошлардан, тупроқ бўлакларидан ва бошқалардан тозаланади.

Йиғилган хом ашё бирламчи қайта ишлангандан сўнг тезда қуритилиши керак. Ўз вақтида қуритилмаганда, хом ашёни бир кечага қолдирилганда, ҳужайраларнинг ҳаётий фаолияти ва ферментларнинг фаоллиги туфайли ўсимликлар таркибидаги фаол моддалар (гликозидлар, алкалоидлар ва бошқалар) парчаланиб кетади, микроорганизмлар ва замбуруғлар кўпайиши натижасида хом ашёнинг чириши ва моғорланишига олиб келади. Шунинг учун қуритишнинг асосий вазифаси хом ашёдан намликни олиб ташлашдир, бунинг натижасида ҳаётий жараёнлар ва ферментларнинг таъсири тўхтайди. Қуритиш жараёни қанчалик тез бўлса, хом ашё сифати шунчалик юқори бўлади. Қуритиш шароити хом ашё турига ва ундаги фаол моддалар таркибига боғлиқ. Эфир мойларини (игир, тоғрайхон, кийикўти, какликўти) сақловчи хом ашё секинлик билан 30-35°C дан юқори бўлмаган ҳароратда қуритилади, чунки юқори ҳароратда эфир мойлари учиб кетади. Аксинча, гликозидлар мавжуд бўлганда (бойчечак, нилуфар ва бошқаларда) хом ашёни 50-60° С ҳароратда қуритиш керак, бунда гликозидларни йўқ қиладиган ферментларнинг фаоллиги тезроқ тўхтатилади. С витамини – аскорбин кислотаси сақловчи хом ашё (дўлана меваси, смородина) оксидланишни олдини олиш учун 80-90° С ҳароратда қуритилади. Об-ҳавога қараб, хом ашё табиий ва сунъий иссиқлик ёрдамида қуритилади: яхши об-ҳаво шароитида – очиқ ҳавода, шийпонлар остида, яхши шамоллатиладиган ва махсус жиҳозланган хоналарда, ёмон об-ҳавода шароитида – қуритгичларда, қиздиргич ва печларда қуритилади. Ўсимликлар темир том остидаги чодирларда, айниқса шамоллатиш учун деразалар очилган бўлса тез қурийди. Чорвачилик фермаларининг чордоқлари доривор хом ашёни қуритиш учун яроқсиз, бу ерда хом ашё ёқимсиз ҳид олиши мумкин. Шунингдек, ўткир ҳидли маҳсулот ва материаллар, пестицидлар, минерал ўғитлар ва бошқалар сақланадиган хоналар ҳам хом ашё қуритиш учун яроқсиз ҳисобланади. Эфир мойлари ва гликозидлар сақловчи ўсимликларнинг барглари, гуллари, пояси ва ер ости қисмлари қуёш нурларидан ҳимояланган ҳолда қуритилади. Бошқа ўсимликларнинг илдизлари, шунингдек, мевалари ва уруғлари очиқ ҳавода қуритилиши мумкин. Қуритиш пайтида хом ашёни вақти-вақти билан аралаштириб туриш керак. Яхши қуритилган хом ашё ҳар доим маълум миқдорда гигроскопик 8% дан 15% гача намликни ўз ичига олади ва бу хом ашё сифатига таъсир қилмайди. Илдиз, илдизпоялар ва пўстлоқ майдаланганда эгилмасдан синса, барглар ва гуллар эзилганда кукун ҳолига келса, қуритилган меваларни қўлда сиқилганда бир бирига ёпишиб қолмаса қуритиш жараёни тугалланган ҳисобланади. Шу тарзда қуритилган хом ашё қийматга эга бўлади. Шахсий фойдаланиш учун йиғилган хом ашёни қоғоз ва мато қопларда, тоза оқ қоғоз билан қопланган қутиларда сақлаш мумкин. Ўсимликнинг доривор таъсири эфир мойи ёки бошқа учувчи моддалар билан боғлиқ бўлган ҳолларда, майдаланган хом ашёни тиқинли шиша идишда ёки маҳкам ёпиқ қопқоқли металл банкаларда сақлаш керак. Қопларга, банкаларга, қутиларга ва бошқа идишларга қадоқлашда ичидаги хомашё номи ва йиғиш вақти кўрсатилган ёрлиқлар қўйилади. Хом ашё қуруқ, қоронғи, тоза хоналарда сақланади. Одатда, гуллар, ўтлар ва баргларнинг сақлаш муддати 1-2 йилдан ошмайди, илдиз, илдизпоя ва пўстлоқнинг сақлаш муддати – 2-3 йил.