Rheum maximowiczii Losinsk.

Rheum maximowiczii Losinsk.

Умумий маълумот

ОиласиPolygonaceae
Илмий номи

Rheum maximowiczii Losinsk.

Ўзбекча номи Максимович ровочи
Русча номи Ревень Максимовича

Кимёвий таркиби

Илдизларда углеводлар, феноллар, фенолкарбон кислоталар, катехинлар, катехин полимерлари, катехингаллат, галлокатехин ва унинг галли эфири, танинлар, кумаринлар, лейкоцианидинлар, антрахинонлар мавжуд. Ровоч поясида C, А, Е, B1, B2, B6, B12 витаминлари мавжуд. Барг бандида органик кислоталар (олма, шовул кислоталари), шакар, клетчатка, гемоцеллюлоза, пектинлар топилган. Поясида микроэлементлар сақланади: натрий, калий, магний, темир, йод. Меваларида танинлар учрайди.

Ишлатиладиган қисми

Илдизлари, илдизпоялари, барг бандлари, поялари ва уларнинг шарбати

Фойдаланиш учун кўрсатмалар

Анъанавий тиббиётда ровочни ёш барг бандлари ва поясини ёки улрдан тайёрланган янги шарбати ёки компоти ва кисели мустаҳкамловчи, кам қонликка қарши, иситма туширувчи ва қон босимини туширувчи восита сифатида ишлатиш тавсия этилади. Шунингдек, паст кислотали гастрит, гепатит, холангит, ўт пуфаги йўлларининг дискинезияси, сил касаллиги, бавосил, сурункали ич қотиши, анемия, гипертония, полиартрит, безгакли ҳолатларда ундан фойдаланиш тавсия этилади. Бунда иштаҳа ва умумий ҳолат яхшиланади, оғриқ камаяди, қон босими пасаяди, қонда эритроцитлар ва гемоглобинлар сони кўпаяди ва нажас нормаллашади.
Гипертензия, бурун ва ички қон кетишларда ҳамда камқонликда ровоч дамламаси тавсия этилади.
Ровоч, шунингдек, жигарнинг антитоксик функциясини яхшилайди ва гипертониянинг енгил формалари бўлган беморлар учун фойдалидир. Таркибида клетчатка ва пектин миқдори юқори бўлганлиги сабабли ровоч ошқозоннинг ҳазм қилиш функциясини яхшилайди, шунинг учун уни ич қотиши бўлган қарияларга тавсия этилади.
Безгакли иситмада ровоч поя ва барг бандларининг шарбати ичилса, ҳароратни пасайтиришга ёрдам беради. У токсинларни зарарсизлантирганлиги сабабли юқумли шамоллашнинг заҳарли таъсирини пасайишига олиб келади.
Калий миқдори юқори бўлганлиги сабабли юрак хасталиги билан оғриган беморлар учун фойдалидир. Бу унинг сийдик ҳайдовчи таъсири билан боғлиқ.

Рецептлар

Ровочни ёш барг бандлари ва пояларини қуёшда қуритиб, қуруқ жойда сақлаш керак. Қуйидаги рецепт бўйича қуритилган поялардан кайнатма тайёрланади: 2 ош қошиқ қуритилган ровоч поясига (20-30 г) 1-1,5 стакан (200-250) қайнатилган сув билан қуйилади ва паст оловда 30 дақиқа давомида қайнатилади. Настойкаси: 99 г янги илдизни ҳовончада майдалаб, тўқ рангли шишаидишга солиб, 3 г аччиқ шувоқ кулини қўшилади ва 110 мл 70% ли спирт ёки қуруқ қизил винони қуйилади, спиртда 2 ҳафта, винода 21 кун тиндирилади, сизиб олинади. Ровоч асосидаги ушбу рецепт максимал фойда келтириши учун овқатдан олдин кунига 2 марта 1/2-1 чой қошиқ дамламадан ичиш керак.
Настойкаси: 30 г қуруқ ровон илдизи, 10 г қуруқ иғир илдизи ва 10 г қуруқ ғазакўт илдизи аралашмаси устига 500 мл ароқ қуйиб, қоронғи жойда 14 кун сақланади, вақти-вақти билан силкитиб, сўнг фильтрланади. Овқатдан олдин кунига 1/2-1 чой қошиқдан 2 марта қабул қилинади.
Метеоризм учун настойка: 15 г янги ровоч барг бандларини (10 г қуруқ) ҳовончада майдаланади ва 100 мл ароқ қуйилади, қоронғи жойда 7 кун тиндирилади, фильтрланади. Ровоч настойкаси фойдаланиш усули: овқат пайтида кунига 15-20 томчидан 3 марта ичилади.
Енгил қон босими борлар учун қайнатма: 1 ош қошиқ қуруқ хом ашёга 150 мл қайноқ сув қуйилади, паст оловда 30 дақиқа қайнатилади, совугунча турилади, фильтрланади (суткалик доза). Кун давомида кичик қисмларда ичилади.
Қабзият учун қайнатма: 20 г илдиз учун 200мл қайноқ сув, паст оловда 10 дақиқа қайнатилади, 1 соат тиндирилади, фильтрланади (1 марта қабул қилиш учун доза). Кечаси ҳамма қайнатма ичилади. Ични юмшатиш таъсири 8-10 соат ичида содир бўлади.
Овқатдан заҳарланиш, метеоризм, интоксикация, сил, ревматизм, анемия учун дамлама: 1 ош қошиқ илдиз учун 200 мл қайноқ сув қуйилади, термосда 2 соат дамланади, фильтрланади (суткалик доза). Овқатдан олдин 3-4 дозага бўлиб ичилади.
Гастрит, сурункали энтерит, колит, ичак атонияси, ич қотиши, сариқлик, сил ва анемияда иштаҳанинг йўқлиги, геморрой, тўғри ичак ёриқлари учун дамлама: 1 ош қошиқ илдиз учун 250 мл совуқ қайнатилган сув, 8-10 соат дамланади, кейин 3 дақиқа қайнатилади, фильтрланади. 1/3 стакандан кунига 2-3 марта ичилади.
Кукуни: илдизни кукунсимон қилиб майдаланади. Исталган натижага эришиш учун (ошқозон ёки ич юмшатувчи) кунига 1-3 марта овқатдан 30 дақиқа олдин оз миқдорда сув билан ичилади.
Сироп: шарбат чиқаргичдан 1 кг барг бандлари ва 1-2 лайм (тозаланмасдан) ўтказилади, ҳосил бўлган шарбатга 0,8-1 кг шакар қўшилади, секин оловда қайнатиб олинади, тез-тез аралаштириб, қуюқлашганда стерилланган банкаларга қуйилади ва стерилланган қопқоқ билан ёпилади. Пишириш охирида 1 та ванил мевасидан уруғларни қўшиш мумкин. Ёки: 1 кг ровоч барг бандлари 0,5-0,7 см ҳалқаларга бўлинади, 250 мл совуқ қайнатилган сув қуйилади ва 8-10 соат тиндирилади. 5 дақиқа қайнатиб олиб, совигунча кутилади, фильтрланади. 0,8-1 кг шакар қўшилади ва қуюқлашгунча қайнатиб олинади. Пишириш охирида 1 лимон ва ванил шарбатини қўшиш мумкин. Стерилланган идишларга қуйиб, стерилланган қопқоқ билан ёпилади. Ровочнинг соғлиқ учун фойдасини ошириш учун кунига мазкур сиропдан 2-3 ош қошиғини чой ёки ўсимлик дамламалари билан ичиш керак.

Бошқа хусусиятлари

Мураббо, компотлар, салатлар, желе, шарбатлар, сабзавотли шўрва, мармелад, шакарланган мевалар ва бошқа маҳсулотлар ёш тозаланган ровоч пояларидан тайёрланади. Ошловчи, асал-ширали.

Манба

1.Дадабаева О. Дикорастущие лекарственные растения флоры Таджикистана// Худжанд: «Рахим Джалил» – 1996, – 586 с. 2.Сахобиддинов С.С. Дикорастущие лекарственные растения Средней Азии. Ташкент: Госиздат УзССР -1948, -216 с. 3.Хожиматов O.K. Лекарственные растения Узбекистана (свойства, применение и рациональное использование) // Ташкент: «Маънавият» – 2021, – 328 с. 4.https://planta-medica.uz/rheum-maximowiczii-losinsk-reven-maksimovicha/

Эслатма

Маълумот киритилмаган

Тадқиқот давомида олинган маълумотлар

Маълумот киритилмаган

error: Ma'lumotlar himoyalangan!