Echinacea purpurea (L.) Moench

Echinacea purpurea (L.) Moench

Умумий маълумот

ОиласиAsteraceae
Илмий номи

Echinacea purpurea (L.) Moench

Ўзбекча номи Эхинацея
Русча номи Эхинацея пурпурная

Кимёвий таркиби

Эхинацея ўти таркибида полисахаридлар (гетероксиланлар, арабинорамногалактанлар), эфир мойлари (0,15-0,50%), флавоноидлар, оксикорик (цикорилик, феруллин, кумаринли, кофеинли) кислоталар, танинлар, сапонинлар, полиаминлар, эхинацин (амиднинг кўп тўйинмаган кислотаси), эхинолон (тўйинмаган кетоспирти), эхинакозид (кофеин кислотасини ўз ичига олган гликозид ва пирокатехин), органик кислоталар, қатронлар, фитостероллар; илдизпоялар ва илдизлар – инулин (6% гача), глюкоза (7%), эфир ва ёғли мойлар, фенолкарбон кислоталар, бетаин, қатронлар. Ўсимликнинг барча қисмларида ферментлар, макро- (калий, кальций) ва микроэлементлар (селен, кобальт, кумуш, молибден, рух, марганец ва бошқалар) мавжуд.

Ишлатиладиган қисми

Ўсимликнинг ер устки қисми

Фойдаланиш учун кўрсатмалар

Ҳиндулар эхинацея ўсимлигидан: илон чақиши, эпилепция, сепсис, гонорея, шамоллаш, тонзиллит, фарингит, милк ва оғиз бўшлиғининг яллиғланишида, йирингли яралар, куйишлар, чечак, қизамиқ, артрит, артроз, радикулит, псориаз, бўғим оғриқларида, шунингдек, тиш оғриғида, аёлларнинг жинсий органлари касалликлари ва бошқа касалликларни даволашда кенг фойдаланганлар. Эхинацея пурпурасини қўллашнинг турли усуллари мавжуд: кўплаб касалликларни даволаш учун ўсимликнинг майдаланган қисмлари асал билан аралаштирилади, улардан шифобахш мой, қайнатмалар, доривор салатлар, шарбат ва экстрактлар тайёрланади; барглари шиш ва яллиғланишга суртилади; шарбати яраларни, жароҳатларни ва чипқонни даволашда; спиртли тиндирмалари яллиғланиш ва жароҳатни даволашда нам компресслар қилиб ишлатилади.

Рецептлар

Шифо берувчи эхинацея чойи шамоллаш, грипп, чипқон, турли хил яллиғланишлар, ошқозон яраси, экземани даволашда, узоқ давом этган касалликдан сўнг, жарроҳлик ёки антибиотиклар курсини олгандан кейин организмни тезроқ тиклаш учун ичилади. Шифо берувчи чойни тайёрлаш учун 3 та янги узилган эхинацея гули ёки 2 чой қошиқ майдаланган эхинация илдизи ёки баргларини олиб 0,5 литр қайнаган сувга солинади ва 40 дақиқага дамланади. Чой профилактика мақсадида кунига 1 стакандан ичилади ва ҳар қандай касалликнинг бошида иммунитетни ошириш ва танани тезроқ тикланиши учун 3 стакандан ичилади. Бу ичимлик ҳам қариш жараёнини секинлаштиради, бутун танани мукаммал тозалайди ва ёшартиради. Сиёҳранг эхинацея билан даволаниш одатда максимал бир ой олинади, кейин бир ой давомида танаффус қилинади. Сиёҳранг эхинацея қайнатмаси ошқозон ярасида, бош оғриғида ва бўғим оғриғида, шишларда ёрдам беради; қон босимини нормаллаштиради, кўриш ва тананинг умумий ҳолатини яхшилайди, иштаҳани ва кайфиятни оширади. Қайнатма шамоллаш ва гриппга қарши ажралмас даво ҳисобланади. Қайнатма: 1 стакан сувга 1 чой қошиқ янги ёки қуруқ баргларни майдалаб, солинади ва сув ҳаммомида қайнатилади, тиндирилади. Овқатдан олдин кунига 3 маҳал 1/3 стакандан ичилади. Спиртли тиндирмаси простата аденомаси, сийдик-таносил органларининг шамоллаши, аёлларнинг шамоллаш жараёнлари, ич қотиши, томирлар спазми, ошқозон яраси, гастритни даволайди, танадаги метаболик жараёнларни яхшилайди. Тиндирмани тайёрлаш учун тажрибали табиблар сиёҳранг эхинацеянинг майда тўғралган янги ёки қуруқ баргларини 1:10 нисбатда спиртга солиб, 10 кун давомида тиндиришни тавсия қилишади. Спиртли тиндирмани кунига 3 маҳал овқатдан олдин 25-30 томчи ичиш тавсия қилинади. Сиёҳранг эхинацея дамламаси ишчанликни оширади, чарчоқни кетказади, иммунитетни ва турли хил совуқларга чидамлиликни оширади, бу айниқса қишда муҳим аҳамиятга эга. Дамламаси қуйидагича тайёрланади: 30 г янги ёки қуритилган эхинацея гуллари 0,5 литр қайноқ сувга солинади ва ёпиқ идишда 10 дақиқа давомида қайнатилади. Кейин 5 соат давомида илиқ жойда сақланади. Бу вақт ичида гуллар таркибидаги барча витаминлар, минерал тузлар ва биологик фаол моддалар дамламага ўтади. сизиб олингандан сўнг, дамламага шакар, асал, резавор мева шарбати ёки сироп қўшиб ичиш мумкин. Кунига 3 маҳал 1/2 стакандан дамламани ичиш тавсия этилади. Сиёҳранг эхинацеядан тайёрланган салатлар анемия, авитаминоз, бош оғриғи учун фойдалидир; у тананинг активлик даражасини оширади ва қон таркибини яхшилайди. Тўғралган эхинацея баргларига ўсимлик мойи солинади, шивид, петрушка ва майда тўғралган сабзавотлар қўшилади. Эхинацея асал билан биргаликдаги аралашмаси кучли бош оғриғи, сурункали чарчоқ, авитаминоз, юқори қон босими учун айниқса фойдалидир. Бу аралашма уйқуни нормаллаштиради, асаб тизимини тинчлантиради; мунтазам равишда қабул қилинганда эпилепция, асабийлашиш, атеросклерозни даволайди; кўришни ҳамда хотирани яхшилайди. Эхинацеянинг барча қисмларини унсимон қилиб майдаланади ва 1: 3 нисбатда асал билан аралаштирилади. Кунига 2-3 маҳал чой билан ичиш тавсия этилади.

Бошқа хусусиятлари

Манзарали, асал-ширали ўсимлик

Манба

1.Хожиматов O.K. Лекарственные растения Узбекистана (свойства, применение и рациональное использование) // Ташкент: «Маънавият» – 2021, – 328 с. 2.https://good-tips.pro/index.php/medicinal-plants/echinacea-medicinal-plant-cultivation-and-use 3.https://sanlit.su/stati/ehinatseya-purpurnaya-retsepty-narodnogo-lekarstva-pri-prostude.html

Эслатма

Маданийлаштирилган

Тадқиқот давомида олинган маълумотлар

Маълумот киритилмаган

error: Ma'lumotlar himoyalangan!