Artemisia dracunculus L.
Кимёвий таркиби
Ўсимликнинг ер устки қисмида каротин (15% гача), алкалоидлар, эфир мойи, флавоноидлар, аскорбин кислота (0,19%), кумаринлар мавжуд; илдизларда – алкалоидлар излари мавжуд.
Эфир мойи ҳўл яшил массасидаги миқдори 0,1-0,4% ни ёки мутлақо қуруқ массасида 0,25-0,8% ни этади. Эфир мойида сабинен (65% гача), мирцен (10%), сесквитерпен фракцияси (5%), p-р-метаоксикорик альдегиди (0,5%) ва смола (15%), метилхавикол, оцимен, фелландрен топилган.
Ишлатиладиган қисми
Ўсимликнинг ер устки қисми (барглари ва гуллаган қисми)Фойдаланиш учун кўрсатмалар
Халқ табобатида ўсимликнинг ер устки қисми шишларда, цинга касалида ва антигельминтик восита сифатида ишлатилган. Тархун шувоқ танадан токсинларни чиқариб ташлаш қобилиятига эга. Шу билан бирга, у иштаҳани ва овқат ҳазм қилишни яхшилайди, бу инсон саломатлигининг умумий ҳолатига ижобий таъсир қилади. Ўсимлик инсоннинг қон айланиш тизимига яхши таъсир қилади, қонда холестерин тошмаларини шакллантирувчи токсинлар ва эркин радикалларни ювиб ташлайди. Юрак хуружи ва қон томирларининг олдини олишда яхши таъсир кўрсатади.
Рецептлар
Бронхитда фойдаланиш учун рецепт: ўсимлик ўтини (5-6 новда) 1 чой қошиқ шакар билан аралаштириб, шарбат пайдо бўлгунча қолдирилади. 0,5 литр ароқ қўшиб, вақти-вақти билан аралаштириб турилади ва 3 кунга тиндирилади. Овқатдан олдин спиртли тиндирмани 20-25 томчидан сувга аралаштириб, ичиш тавсия этилади. Кунига 75 томчидан ошмаслиги керак. Жинсий заифликда: Қон томирларини мустаҳкамлайди, тархун шувоқ ўсимлиги чаноқ соҳасидаги қон оқимини яхшилайди ва натижада эркакларда кучни оширади. Бунинг учун зиравор сифатида ўсимлик кўкатларини овқатга қўшиш кифоя. Тиш оғриғида: Қадимги Юнонистон аҳолиси тархун кўкатларидан фойдаланишганда тиш оғриғини енгиллаштирганини пайқашган ва бу ўсимликни чайнашган. Кейинчалик олимлар ўсимлик шарбати таркибидаги эвгенол оғриқ қолдирувчи таъсир кўрсатишини ва антиоксидантлар оғиз бўшлиғида бактериялар тарқалишини олдини олишини аниқлаган. Бундан ташқари, тархун кўкатлари нафас йўлини тозалайди. Ўсимлик билан тайёрланган малҳам оғиз бўшлиғи касалликларини даволаш учун ишлатилади. Уни тайёрлаш учун 20 грамм қуруқ тархун шувоқ ўсимлигини майдаланган кукуни, 100 грамм сариёғ билан аралаштирилади. Паст оловда тез-тез аралаштириб, пишириб олинади. Малҳам совиганидан сўнг, тиш милкларига суртилади. Салқин жойда сақланади. Бош оғриғида: Тархун ўсимлигининг оғриқ қолдирувчи хусусиятлари бош оғриғини даволашга ёрдам беради. Ўсимликни баъзи ҳолатли бош оғриқларида ва сурункали мигренда ҳам қўллаш мумкин. Бунинг учун эфир мойи ёки янги ўсиб чиққан яшил ўтларидан ёки қуритилганидан тайёрланган ўсимлик чойлари мос келади. Бош оғриғида фойдаланиш учун чой рецепти: Ўсимликнинг яшил қисмига сув ва асал қўшилади. 1 ош қошиқ баргларига 1 литр қайноқ сув солинади (ўсимлик ёки кўк чойни қуйиш мумкин). 20 дақиқадан сўнг сизиб олиб, ичиш тавсия этилади. Кунига бир неча марта фойдаланиш мумкин. Тархун ўсимлиги аёлларда ҳайз даврини нормаллаштиради, шунингдек, ҳайз пайтидаги оғриқ ва ноқулайликни йўқотади. Ўсимликдан қайнатмалар ёки турли хил дамламалар сифатида ишлатилиши мумкин. Сийдик йўли тизимини даволаш учун ароқ билан ўсимлик аралаштириб тайёрланади. Уни тайёрлаш учун 100 грамм ўсимлик ва 2 стакан ароқ керак бўлади. Тархун ўсимлигига ароқ қўшилади ва бир ҳафтага қолдирилади. Шундан сўнг, суюқликни 5-6 кун давомида кунига 2-4 маҳал 1 ош қошиқдан ичиш тавсия этилади. Ушбу рецепт цистит касалида ҳам ёрдам беради. Чарчоқда: Чарчоқни йўқотишда, ҳолсизликда фойдаланиш мумкин. Эфир мойи шаклида самарали бўлиб, ёқимли ҳиди борлиги учун чироққа томизиш, чўмилиш ванналарига қўшиш ёки таскин берувчи массаж қилиш мумкин. Қайнатмаси ёки чой дамлаб ҳам ичиш яхши ёрдам беради. Ўсимликнинг қайнатмасида тайёрланган компресс ортиқча чарчоқ ҳолатини йўқотишда яхши ёрдам беради. 1 ош қошиқ қуритилган ўсимликнинг яшил қисмини олиб, устига 1 стакан сув солинади ва 5 дақиқа қайнатилади. Қайнатма 1 соат тиндирилиб, сизилади; сочиқни қайнатма билан намлаб ётишдан олдин бошга 10 дақиқага ўралади. Пневмонияни даволаш бўйича тавсиялар: бронхит касалликларида қайнатмалар, дамламалар, чойлардан фойдаланган маъқул. Нафас олишни яхшилаш учун эфир мойидан фойдаланилади: 1 литр қайнаган сувга 6-8 томчи эфир мойи қўшилади ҳамда сочиқ билан ўралиб буғлар устидан нафас олинади.
Шамоллашда: Тархун ўсимлигидан тайёрланган дамламалар ва чойлар шамоллашни даволашда яхши ёрдам беради. Бу ўсимликда вирусга қарши ва бактерияларга қарши хусусиятлар мавжуд. Шамоллаганда шифобахш чой тайёрлаш мумкин: 1 чой қошиқ қуруқ ўсимлик, ярим чой қошиқ майдаланган занжабил аралаштирилади, бир тилим лимон қўшилади; маҳсулотларга 1 стакан илиқ сув солинади ва ярим соатга тиндирилади; овқатдан кейин тайёрланган суюқликни ичиш тавсия этилади. Чой шамоллашни енгишга ёрдам беради ҳамда овқат ҳазм қилишни ҳам нормаллаштиради. Антигельминтик сифатида қуруқ баргларнинг қайнатмаси ишлатилади: 1 ош қошиқ қуритилган ўсимлик устига 250-300 мл сув солинади ва 5 дақиқача вақт давомида қайнатиб олинади. Қайнатмани оч қоринга ярим стакандан ичилади. Даволаш курси 1 ойдан ошмайди. Тархун ўсимлигини турли шаклларда озиқ-овқатда ишлатилганда қон босимини пасайтиришда ёрдам беради. Хафақон касаллиги бор беморлар учун бу ўсимлик фойдалидир, чунки у юқори қон босими бўлганлар учун тавсия этилмайдиган туз ўрнини босади. Ўсимлик косметологияда кенг қўлланилади. Айниқса, сочни мустаҳкамлайди ва соч тўкилишини олдини олади. Ўсимлик асосида шампунлар мавжуд. Оддий шампунга ўсимлик эфир мойини қўшиб ишлатиш ҳам фойдали (0,5 грамм шампунь учун 10-15 томчи). Тархун шувоқ ўсимлиги билан мустаҳкамловчи соч ниқобини тайёрлаш: бир ҳовуч ўсимликнинг яшил қисмидан (қуритилган ёки янги) олиб сув солинади ва 4-5 дақиқа давомида қайнатиб олинади; олинган қайнатмани рангсиз хина билан аралаштирилади, илиқ ҳолгача совутилади; 3 томчи мойчечак эфир мойи қўшилади ва тайёрланган аралашмани сочларга қўллаш тавсия этилади. Ниқобни бир ярим соат ушлаб турилади ва кейин ювилади.
Бошқа хусусиятлари
Тархун шувоқ ўсимлиги хушбўй ҳидли, ўткир ва нордон таъмга эга. Ўсимликнинг яшил массасида хушбўй ҳид борлиги учун озиқ-овқатда бодринг, помидор, қўзиқоринларни, олма ва нокдан маринадлар тайёрлашда, карам тузлашда зиравор сифатида кенг қўлланилади. Гуруч, қайнатилган балиқ, майонез, қуш гўштини ва қўй гўштини қовуришда зиравор сифатида ишлатилади.
Ўсимликнинг майда тўғралган янги барглари парранда гўшти, тухум, ёрқин соус тайёрлашда, гўштли овқатларга, шунингдек, барча турдаги салатларга зиравор сифатида қўшилади. Улардан яшил ёғни тайёрлаш учун ишлатилиши мумкин. Ўсимликдан вино ва ликёрларни хушбўйлаш учун ишлатилади ва «Тархун» тетиклантирувчи ичимлик тайёрланади. Айниқса, Францияда тархун шувоқ ўсимлигининг ер устки қисмидан шўрланган балиқларни хушбўй қилиш учун зиравор сифатида махсус хушбўй-нордон сирка ишлаб чиқариш машҳур. Бир даста ўсимлик новдалари – яшил ёки қуритилган ҳолда бир шиша ароқга солиб бир неча ҳафта давомида қолдирилади, ароққа ўзига хос таъм ва ҳид беради. Ҳўл ёки қуруқ новдалар олинишига қараб таъми ўзгаради. Илгари Германияда гўштга пашшалар қўнмаслиги учун ўсимлик суртилган. Бу ўсимликдан бўйин терисини парвариш қилиш учун косметикада ишлатилган. Ўсимлик озуқавий аҳамиятга эга, ўсимликнинг пичан ва силосини қорамол яхши истеъмол қилади. Эфир мойли.
Манба
1. Дадабаева О. Дикорастущие лекарственные растения флоры Таджикистана// Худжанд: «Рахим Джалил»-1996,-586 с. 2.Ҳожиматов Қ. Ўзбекистоннинг витаминли ўсимликлари. –Тошкент: «Фан». –1973. 3.https://rusfermer.net/ogorod/listovye-ovoshhi/tarhun/polza-vred-estragona/kak-primenyat-t.html 4.https://uz.wikipedia.org/
Эслатма
Маълумот киритилмаган
Тадқиқот давомида олинган маълумотлар
Маълумот киритилмаган